Мустақил ишларни ташкил этиш асосида ўқувчиларнинг ўқиш ва тушуниш даражасини шакллантириш методикаси.
Мустақил ишларни ташкил этиш асосида ўқувчиларнинг
ўқиш ва тушуниш даражасини шакллантириш
методикаси.
Түркістан қаласы, Р.Исетов атындағы №20 жалпы орта мектебінің өзбек тілі мен әдебиет пәні мұғалімі Османова Диана Атахановна
Аннотация: Ушбу мақолада мустақил ишларни ташкил этиш асосида
бошланғич синф ўқувчиларининг ўқиш ва тушуниш даражасини
шакллантириш, ўқиш саводхонлигига қўйилаётган халқаро баҳолаш дастур
талаблари ҳақида сўз юритилади.
Калит сўзлар: хотира, диққат, операция, шакллантириш, фаоллаштириш,
метод, фикрлаш, фаолият, муаммоли, вазият, назорат, ўзини ўзи назорат,
жамоавий, шахсий, бошқариш, таълим, тарбия, ўйин, таълим сифати, халқаро
баҳолаш
Бизнинг фикримизча, юқори синф ўқувчиларининг билишга
қизиқишлари авваламбор дарсларда юзага келади. Шунинг учун ўқитувчи
ўқитишнинг турли методлари, шакллари ва турларини қўллаган ҳолда дарснинг
ҳар бир босқичида ўқувчиларнинг билиш фаолиятини фаоллаштиришга,
ўқишга қизиқишни оширишга интилишлари лозим. Ўқитувчи ўз дарсларида
кўпроқ таянч схемалар, жадваллар, карточкалар, тарқатма материаллар,
қизиқарли машқлардан фойдаланишлари муҳим ҳисобланади. Улар
ҳайратланиш ҳиссини, янгиликларни, кутилмаганликни келтириб чиқаради,
зийраклик, ташаббускорликни ривожлантиради, хайрихоҳлик муҳитини
яратади. Ўқувчиларда билишга қизиқишни қарор топтириш учун ўқитувчи
қуйидаги методлардан фойдалангани яхши натижалар беради: барча ўқувчилар
учун қўлидан келадиган топшириқларни бажариш орқали муваффақият
вазиятини яратиш, олдинги билимларга таянган ҳолда янги материални
ўрганиш; ишонч ва ҳамкорлик муҳитини дарсда яратиш орқали ижобий
эмоционал кайфиятни, ўқитувчининг ёрқин ва эмоционал нутқини яратиш; ўз
ва бошқалар фаолиятини баҳолаш орқали рефлексия, еўп вариантли
жавобларни (масалан, «нима учун қийин бўлди?”, «дарсда нимани билдингиз ва
кашф этдингиз?” ва б.қ.) талаб этувчи саволларни бериш билан фаолият
натижасини баҳолаш; қизиқтирадиганлик, дарснинг музикали фрагментлар,
ўйинли ва мусобақали шакллари орқали ўзига хос бошланиши [1].
Бизнинг фикримизча ўқувчиларнинг билишга қизииқшларини
ривожлантиришнинг воситаларидан бири бу ўйин ҳисобланади. У
ўқувчиларнинг фикрлаш фаолиятини фаоллаштириш, уларни билишга
стимуллаштириш методи сифатида фойдаланилади. Ўқувчиларни ўйин
фаолиятига жалб этиш дарсга бўлган қизиқишни кучайтиради. Дарсда
ўқитувчининг «ижодий 5 дақиқаси»дан фойдаланиш, яъни, ўқувчининг шеър,
топишмоқ, эртак, матал тўқиши яхши натижа беради. Бундай методлар
қўллаш коммуникатив компетенцияларни шакллантириш учун шароит яратади.
Ўқув жараёнини фаоллаштириш учун ўқитувчи системали тарда ўқувчиларга
машқларнинг ҳар хил турларини таклиф этиш мумкин. Атроф муҳит дунёси
дарсларида ўқувчилар катта қизиқиш билан ўрганилаётган мавзу бўйича
хабарни тайёрлайди. Она тили ва адабиёти дарсида ёзувчилар асарини ўрганиш
билан, ўқувчи бу ёзувчининг ҳаёти ҳақида кичкина ҳикоя тайёрлайди.
Бошланғич синф ўқувчиларининг ўқув-билиш компетенцияларини
шакллантиришда ўқитувчи қуйидаги замонавий технологияларни эгаллаган
бўлиши муҳим: муаммоли ўқитиш: гипотезаларни, муаммони қўя олиш, билиш
вазифасини англаш; лойиҳали ўқитиш: мақсадларни амалга ошириш учун
предмет билимларидан фойдалана олиш, ахборотни топиш, қайта ишлаш ва
ифодалаш, тадқиқот натижаларини расмийлаштириш ва уни ифодалаш, муҳим
ахборотни чиқариш, уни ўқув материалларидан мустақил топиш; ўйин
фаолияти; ишчанлик ва ташкили-фикрий ўйинлар – билиш вазифаларини
англаш, вазифаларни ечишнинг ҳар хил методларига ориентировка қилиш;
ижодий ўйин: таҳлил қилиш, синтез, солиштириш, классификациялаш
операциялари ўқув вазифаларини ечиш учун амалга ошириш; ихтирочилик
вазифаларини ечиш назарияси; танқидий фикрлашни ривожлантириш
технологияси; гуруҳли технологиялар – гуруҳларда ишлаш; глобал ахборот
муҳитида ўқитиш технологияси.
Ўқувчиларнинг ўқув-билиш компетенциясини шакллантиришда маҳаллий
ва хорижий илғор тажрибаларни ўрганган ҳолда энг мақбул метод ва
технологиялардан фойдаланиш, методик таъминотни такомиллаштириб бориш,
машғулотлар жараёнига замонавий педагогик технологияларни қўллаш орқали
билим бериш сифатини, ўқувчиларда мустақил фикрлаш кўникмаларини
шакллантиришни таъминлаш лозим. Мазкур жараённи янги авлод ўқув
адабиётлари, замонавий жиҳозлар билан таъминлаш, уларга билимли
ўқитувчиларни жалб этиш, билим ва кўникмаларини тиклаш, уларни янгилаш
келажакка қаратилган мазкур фармонларда белгиланган вазифаларни ечишга
ёрдам беради.
Таълим мазмунини ўзлаштиришда ўқувчиларнинг билиш фаоллигига
муносиб равишда қуйидаги методлар қўлланиши мумкин: тушунтиришиллюстратив (ахборотли рецептив), репродуктив, муаммоли баён, хусусий
изланиш ёки эврестик ҳамда тадқиқот. Таълим фаолиятини ташкил килиш ва
амалга ошириш жараёни билимни узатиш, уни қабул қилиш, англаш, эсда
сақлаш ва амалда қўллай олишни назарда тутади. Таълимнинг оғзаки
методлари: ҳикоя, маъруза, суҳбат ва бошқалар. Бу методларни қўллашда
ўқитувчи сўз воситасида ўқув материалини баён қилади, тушунтиради,
ўқувчилар эса тинглаш, эслаб қолиш орқали қабул қиладилар.
Ҳикоя методида ўқувчиларга бериладиган билим мазмунини оғзаки баён
қилиш назарда тутилади. Ҳикоянинг бир неча тури мавжуд: ҳикоя-муқаддима,
ҳикоя баён ва ҳикоя-хулоса. Биринчисининг мақсади: ўқувчиларни суҳбат
орқали янги билимни қабул қилишга тайёрлаш. Ҳикоянинг бу тури нисбатан
қисқалиги, ёрқинлиги, қизиқарлилиги ва ҳиссиётга бойлиги билан ажралиб
туради, янги билим олишга қизиқиш уни фаол ўзлаштиришга эҳтиёж уйғотади,
дарсга бефарқлик, лоқайдликни йўқотиб, билим олиш мақсадини ҳосил қилади.
Ҳикоя-муқаддима вақтида ўқувчи фаолиятининг вазифалари тўғрисида
тушунарли шаклда хабар берилади.
Ҳикоя жараёнида ўзлаштиришнинг фаоллашишига ёрдам берувчи
дидактик услублардан фойдаланиш зарур.
1. Дарс мавзусини билдириш. Янги мавзуни баён қилиш олдидан
ўқувчиларга ечими янги билимлар учун зарур бўлган масала таклиф қилинади
ва у шу дарсда ўрганиш объекти бўлиб қолади, яъни муаммоли вазият вужудга
келтирилади. Янги материални ўрганиш ёки амалий топшириқларни бажариш
билан, ёки тажриба қўйиш билан, ёки табиатда ўтказилган кузатишларни
таҳлил қилиш билан бошланади.
2. Баён режасини билдириш. Бу услуб фақат ўзлаштириш жараёнини
фаоллаштирибгина қолмасдан, балки ўқувчиларни бутун баён тизимини
яратишга ўргатади, бу билан тафаккурнинг мантиқий изчиллигини
ривожланишга, ўрганилаётган факт ёки ҳодисалар ўртасидаги муайян
боғланишларни аниқлашга ёрдам беради, масалан, «Чўл табиати» мавзусини
баён қила туриб, ўқитувчи доскага ушбу режани ёзиши мумкин: Табиий
зоналар харитасида чўлларнинг жўғрофий ўрни. Чўл иқлимининг хусусиятлари.
Чўлда йил фасллари ва бошқалар.
3. Ўқувчилар эътиборини фаоллаштирувчи саволларни баён давомида
қўйиб бориш.
4. Ўқувчиларнинг идрок қилиш фаолиятларини фаоллаштирувчи
таққослаш (масалан, дала, боғ, полиз, чўл, дашт ва ўрмон ўсимлик ҳамда
ҳайвонот дунёсини таққослаш кабилар).
5. Янги материални уни баён қилиш давомида илгари ўрганилганлар
билан, турмуш билан, амалиёт билан (масалан, «Скелет» мавзусини
«Мушаклар» мавзуси билан, жонажон ўлка табиатини ҳар хил зоналар табиати
билан) алоқасини ўрнатиш.
6. Ҳикояга мақол, қизиқарли материал ёки китоб кабиларни ўқишни
киритиш. Қўшимча материалдан фойдаланиш ўқитувчи ҳикоясини бойитади ва
конкретлаштиради. Ҳикоя давомида мақол, матал ва топишмоқлардан
фойдаланиш ҳам уни бойитади ва баён қилаётган материални қабул қилиб
олинишини осонлаштиради.
Суҳбат методи атрофлича ўйланган саволлар ёрдамида ўқитувчи билан
ўқувчи орасидаги алоқани кўзда тутиб, уларнинг мустақил фикрлашини янги
тушунчаларни эгаллашга олиб келади. Уни қўллашда саволларни қўйиш,
ўқувчиларнинг жавобларини муҳокама қилиш, хулосаларни шакллантириш
методларидан фойдаланилади. Суҳбат давомида ўқитувчи ўқувчиларнинг нутқ
саводхонлигига алоҳида эътибор қаратади. Бу турли тушунтиришлар билан
олиб борилади ҳамда уларнинг қабул қилиши аниқлаштирилиб борилади.
Ўқувчилар катта бўлган сари уларга бериладиган муаммоли саволлар ҳам
катталашиб боради. Муаммоли вазиятнинг юзага келишида факт ва натижа
ўртасидаги алоқа бирданига очилмайди, аста-секин бўлади. Бунда савол
туғилади: Бу нима? (масалан, турли предметларни сувга туширамиз: биттаси
чўкади, бошқаси чўкмайди); материалнинг айрим қисмларини баён қилгандан
кейин ўқувчи тахмин қилиши керак (масалан, муз эриши, иссиқ сув билан
тажриба қилиш, масалани ечиш); баъзан, айримлари, фақат айрим ҳолларда
каби сўзлардан фойдаланиш ўзига хос билиш белгилари бўлиб хизмат қилади;
фактни тушуниш учун уни бошқа фактлар билан солиштириб кўриш, айрим
ақлий операцияларни амалга ошириш лозим (масалан, турли ўлчовларни
қилиш, гуруҳ билан ҳисоблаш).
Суҳбат ўтказилгандан кейин бажарилган ишларга ушбу мақсадга йўналган
саволлар ёрдамида якун чиқариш керак. Масалан, Тут ипак қурти қандай
ривожланади? Унинг ташқи кўриниши қандай? Қуртнинг танаси қандай
шаклда? У қандай ҳаракат қилади? Нима билан овқатланади? Пилла ўраш қанча
вақт давом этади? Пилла ичида нима бўлади? Капалак қандай ҳосил бўлади?
Капалак пилладан қандай чиқади? У қанча вақт яшайди? ва бошқалар. Бундай
саволлар ўқувчиларнинг мустақил ақлий фаолиятини ривожлантиради, чунки
саволларга жавоблар ишлаб чиқариш кузатишлари билан қувватланган бўлади.
Кириш суҳбати янги бўлим ёки янги мавзуни ўрганиш олдидан фойдаланилади.
Унинг мақсади ўқувчилардаги дарсда ўрганиладиган масала бўйича
тасаввурларни аниқлаш ёки тиклашдир. Масалан, «Дала мавзусини ўрганишга
кириша туриб, кириш суҳбатн вақтида ўқувчиларга ушбу саволларни бериш
керак. Ким далада бўлган? Далаларда нималар ўсади? Сиз қандай маданий
ўсимликларни биласиз? Сиз қандай техника ўсимликларини биласиз? Сизга
қайси ғалла ўсимликлари маълум? Фақат шундан кейингина ўқитувчи янги
материални тушунтиришга киришади .
Такрорловчи суҳбат ўрганилган материални мустаҳкамлаш ва англаб
олишга ёрдам беради. У янги материални ўрганилгандан кейин шу дарснинг
ўзида ёки мавзу ёки бўлим ўрганилгандан кейин ўтказилади ва 5 дақиқадан 10-
15 дақиқагача вақт олиши мумкин. Бундай суҳбат вақтида ҳам мавзуни
ўрганишдаги ўша кўргазмали қурол ва тарқатма материаллардан
фойдаланилади. Баён қилувчи суҳбат ўқувчиларнинг ўзлари томонидан жисм ва
ҳодисаларни кузатишини назарда тутади. Ўқитувчи томонидан йўналтирилган
ўқувчилар ўзлари учун янги объект ва ҳодисалар билан танишадилар. Объект
ва тажрибаларни кузатиш натижасида ўқувчиларда шахснинг ҳар томонлама
ривожланиши учун катта аҳамиятга эга бўлган тадқиқий ёндашиш шаклланади.
Муаммо қўйилиши ва уни мустақил ҳал қилиниши ўқувчиларнинг билишга
қизиқишини, яъни уларнинг билимларни эгаллашга ва масалалар ечишни
ўрганишга бўлган интилишларини ривожлантириш учун рағбатлантириш бўлиб
хизмат қилади [2]. Муаммони ҳал қилишда асосий вақтни амалий иш
эгаллайди. Чунончи, «Куз», «Қиш», «Баҳор» мавзуларини ўрганишда
ўқувчилар олдига қуйидаги муаммоли саволларни қўйиш мумкин: Нима учун
кузда қушлар иссиқ ўлкаларга учиб кетадилар? Нима учун баъзи ҳайвонлар
қишда ухлайди? Нима учун кузда совуқ тушади? ва бошқалар. Ўқувчилар
олдига у ёки бу муаммони қўйишда уларнинг ҳар бири қанчалик дарс
мазмунидан келиб чиқаётганини, дидактик ва тарбия мақсадларга хизмат
қилишини пухта ҳисоблаб чиқиш керак. Бу талабларга жавоб бермайдиган
муаммоларни қўйиш фақат дарсда қараб чиқилаётган масалаларнинг
моҳиятини аниқлашга халақит беради. Юқорида қайд этилганидек, таълимнинг
мазмунига қўйилаётган янги талаблар ўқувчиларни мантиқий фикрлаш,
мантиқий операцияларни бажариш методлари билан қуроллантиришни тобора
кучайтиришни тақозо этмоқда. Ўқитиш методларининг турлари жуда кўп,
уларнинг сонини аниқ белгилаб бўлмайди. Улар педагогик амалиёт даврида
тинмай бойиб бораверади. Методлар ўқитишнинг мантиқий томонларига,
компонентлари ва вазифаларига қараб таснифланади.
Фойдаланилган адабиётлар
1. Зиёмухаммадов Б. Илғор педагогик технологиялар: назария ва амалиёт. –
Т.: Абу Али Ибн Сино, 2001. – 80 б.
2. Алихонов С. Дарс жараёнида муаммоли таълим масалалари // Касбхунар таълими, 2006.-№5. – Б.8-9.
3. Бабанский Ю.К. Ҳозирги замон умумий таълим мактабида ўқитиш
методлари. – Т.: Ўқитувчи. – 1990. – Б. 4.
4. Бельская Е.М.,Григорьянц А.Г. Табиатшуносликни ўқитиш /3-синф.
Ўқитувчилар учун қўлл. – Т.: Ўқитувчи, 1990. – 170 б.
5. Лернер И.Я. Подготовка будущих учителей трудового обучения и
трудовому воспитание школьников.Педагогические образование.-Вып.№2,-
М.:Педагогика,1990.-238-242 с.